Табаррук қадамжо

al-Bukhari

Имом ал-Бухорий масжид мажмуаси Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги меъморий ёдгорлик, зиёратгоҳ,  мусулмон олами  ибодат ва зиёрат этадиган табаррук маскан.

Ривоят қилишларича, милодий 870-йилларда Бухоро ноиби Имом Бухорийни ҳадис илмидан сабоқ бериш учун саройига таклиф этади. «Мен илмни султону амирлар эшигига олиб бормайман. Агар амирга илм керак бўлса, болаларни (саройидагиларни) уйимга ёки масжидимга юборсин», дейди аллома. Унинг бу жавоби ноибнинг ғазабини келтиради ва ҳадис илми султонини шаҳардан чиқариб юборишга фармон беради.

Бу воқеани эшитган самарқандлик уламолар Имом Бухорийни ўз шаҳрига таклиф этадилар. Бухорий Самарқандга бораётиб Хартанг қишлоғига етганда бетоб бўлиб қолади. Ҳижрий 256 йили рамазон ойининг охирги куни (милодий 872 йил 1 сентябрь) 62 ёшида вафот этади ва шу ерга дафн этилади…

Манбаларда ёзилишича, ўн ёшидан бошлаб мовароуннаҳрлик ровийлардан эшитган ҳадисларни ёдлай бошлаган Исмоил Бухорий олиму фузалолардан таълим олиш мақсадида умрининг кўп қисмини мусофирликда ўтказган экан. Ҳадис илмининг ўрганилмаган қирраларини кашф этиш борасидаги изланишлари, илмий кашфиётлари туфайли «Амирул мўминийн» деган шарафли номга сазовор бўлган аллома қабри устига XVI асрда мўъжазгина мақбара тикланган. Мақбара ёнига масжид қурилиб, ҳовлисига бир неча туп чинор экилган. Аслида бу қабристон азалдан мусулмон аҳлининг табаррук зиёратгоҳларидан саналган. Лекин собиқ шўро тузуми даврининг даҳрийлик сиёсати оқибатида бу маскан қаровсиз ҳолда қолдирилган.

— Етмишинчи йиллар бошларида йўлимиз тушиб ушбу даргоҳга кирганимиз ҳамон ёдимда, — деб эслайди шу ерлик меҳнат фахрийси Абдушукур Муҳаммадқулов. — Деворлари шўрлаб кетган кўримсиз ҳовличада бир неча туп чинор бор эди. Кичикина дарча орқали бошқа хонага, яъни Имом Бухорий абадий қўним топган бўлмага ўтиларди. Ҳовлининг бир четида масжид мунғайиб турар, эшиклари тамбалаб ташланганди. Бизни кузатиб чиққан ходим масжид кўп йиллардан буён жамоа хўжалигининг ўғит сақлайдиган омборхонасига айлантирилганини айтганди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг умрини иймон ва эътиқод, илм-маърифат, диёнат йўлида бахшида этган улуғ зотлар хотирасини эъзозлаш, улар номлари билан боғлиқ жойларни ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Президентимизнинг 1997 йил 29 апрелдаги «Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида мақбара ўрнида алоҳида ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Юртбошимиз Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳа асосида 1998 йилда қурилган бу мажмуада Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Андижон, Наманган, Қўқон, Шаҳрисабз халқ усталари жонбозлик кўрсатишди.

Бугунги кунда мажмуа зиёратгоҳ, муқаддас қадамжо, қолаверса, ўз жозибаси билан ҳудуд кўркига кўрк қўшиб турган муаззам маскан айланди. Унинг бош режасини тузишда миллий меъморчилик анъаналарига (пештоқ, равоқ, гумбаз, айвон ва бошқа)  таянилганлиги  ушбу табаррук гўшага ўзгача чирой баҳш этган. Бунёд этилган мақбара марказида оқишкўк шаффоф оникс тошдан ишланган сағана ўрнатилган. Мақбаранинг ўнг томонидаги эшикдан пастки қаватига — даҳмага тушилади. Юқори қаватдаги сағананинг остида Имом Бухорий қабри мармартош билан қопланган. Ҳовлининг чап тарафида масжид жойлашган. Ўнг томонида эса пештоқли ва миёнсаройли бино бор. Миёнсарой гумбази ҳам бошқа гумбазлар билан бир хил шаклда ва ўлчамда қурилган. Бу бинода кутубхона, илмий ходимлар хонаси ва бошқа юмушларга мўлжалланган хоналар бор. Кутубхонада Қуръони каримнинг ноёб қўлёзмалари, турли даврларга оид нашрлари, Имом Бухорий асарлари нашрлари ва бошқа китоблар жой олган. Мажмуа тўрида — мақбаранинг орқа тарафида ҳадис илмини ўрганиш учун мўлжалланган ўқув маркази биноси жойлашган.

Кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли мажмуа юртимиз фахри, хорижлик сайёҳ ва зиёратчилар ташриф буюрадиган қутлуғ масканга айланди. Жумладан, масжид-мажмуага элтувчи катта йўл атрофлари  ободонлаштирилди, янги маҳалла маркази, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. Сайёҳларга замонавий сервис хизматлар кўрсатиш кенг йўлга қўйилди. Пировардида мажмуа жойлашган мавзе — Хўжа Исмоил номидаги маҳалла том маънода шаҳарчага айланди.

2013 йилда мажмуа ташқариси тубдан янгиланди. Хусусан, уч гектар ташқи ҳовлида ландшафт архитектурасига монанд яшил майдонча барпо этилди, ариқ бўйидаги мажнунтоллар соясига ўриндиқлар ўрнатилди. Боғ ўртасида эса кўркам ҳовуз ва атрофида рангли фаввора барпо этилди. 2015 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида эса республика бюджети ҳисобидан мажмуада 5 миллиард 414,6 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, 74 та ёғоч устун ўрнига мармардан тайёрланган агламерат тош устунлар ўрнатилди. Ёғоч карнизлар ўрнига эса металл каркасларга агламерат тошдан маҳкамланган карниз қошлар бириктирилди.

Бундан ташқари, мажмуа ичкарисидаги эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси қайта тўла таъмирланди. Қабр атрофининг ер қисмига электр иситкич ва ламинат ётқизилиб, ички қисмига панжарали ёғоч эшик ўрнатилди. Масжиднинг 600 квадрат метр майдонига тўшалган гиламлар янгиланди.

Шу йилнинг февраль-июнь ойларида ҳам мажмуада кенг қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, мажмуа ҳудудида 148 миллион 43,9 минг сўмлик ободонлаштириш ва куламзорлаштириш  ишлари бажарилди. Ташқи ва ички ҳовлиларга хилма-хил ноёб гул ниҳоллари ўтқазилди. Шунингдек, мажмуанинг кириш дарвозаси фасадлари сифатли таъмирланди. Зиёратчилар айвонга ўрнатилган радиоузел карнайларидан Имом Бухорий ҳаёти ва фаолиятига доир  эшиттиришларни тинглашади.

Хуллас, яратилган ана шундай шароитлар туфайли табаррук қадамжо бугун юртимизнинг энг обод, дилтортар масканларидан бирига айланди. Бу ерга ташриф буюрувчилар халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси бўлган ушбу мажмуани ҳайрат ва ҳаяжон билан зиёрат қилмоқда. Шунинг баробарида мамлакатимизда виждон, эътиқод эркинлиги реал воқеликка айланганига гувоҳ бўлмоқда. Энг муҳими, кейинги йилларда ушбу табаррук масканга зиёратга келувчилар сони кескин ортди. Улар аллома маънавияти сарчашмасидан нур олиш баробарида халқимизнинг яратувчилик салоҳияти, аждодлар меросига бўлган ҳурматига тасаннолар айтмоқда.

 

 

Давронов Шухрат Давронович

Ўзбекистон Республикаси Меъморлар уюшмаси

Самарқанд бўлими бошлиғи ўринбосари,

Мехнат фахрийси. 


Saytga baho bering:
A'lo
Yaxshi
Qoniqarli
Qoniqarsiz


Valyutalar kursi




Ob-havo ma'lumoti

Все о погоде - Pogoda.uz


Copyright © 2010 – 2017. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarx.uz манбаи кўрсатилиши шарт.