Барча ютуқлар – мустақиллик шарофати билан

Яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 25 йиллиги тантаналари юртимизнинг ҳар бир фуқароси учун энг азиз, энг улуғ шодиёнага айланиб бормоқда. Чунки бугун қандай ютуқларга эга бўлсак, барчаси ана шу неъмат билан боғлиқ. Байрам арафасида мустақиллик йилларидаги ўзгаришлар, амалга оширилган ишлар бирма бир кўз олдимиздан ўтиши табиий.

Биргина вилоятимиз шаҳар ва туманлари қиёфасидаги ўзгаришларнинг ўзи мустақиллик бизга нималар берганини кўрсатиб беради. Бугун вилоятимиз ҳудудида жойлашган ноёб тарихий обидалар азалдан дунёни ҳайратга солган бўлса, қисқа вақт ичида уларга ҳамоҳанг тарзда янгидан барпо этилаётган бино иншоотлар ҳам яна бир ҳайратга сабаб бўлмоқда. 1991-2016 йиллар оралиғида Самарқанд шаҳрининг ўзида саксонта йирик бино ва иношотлар қурилганини фақат мўжизага қиёслаш мумкин. Аммо бу бор гап. Шунингдек вилоятимиз миқёсида ана шу давр мобайнида  247 та муҳим қурилишлар амалга оширилди. Дунёнинг энг тараққий этган давлатида ҳам бирданига шунча ўзгариш бўлиши камдан кам учрайдиган ҳодисадир.

Яна бир эътиборли жиҳат, биринчи навбатда, тарихий обидаларимиз ва уларнинг атрофида жуда катта ободонлаштириш ишлари олиб борилганида. ¤злигини унутмаган халқнинг, аввало, шу ишни қилиши ҳам табиий эди. Давлатимиз раҳбарининг  Имом Бухорий мажмуасида бўлиб шу ерни обод қилиш ташаббусини илгари сургани, 1998 йилдаёқ мажмуада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани бежиз эмас. Шунингдек, Регистон майдони, Руҳобод майдони, Дониёр пайғамбар зиёратгоҳи, Мирзо Улуғбек обсерваторияси, Нуробод туманидаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи, Пахтачи туманидаги «Добусия» қалъаси ва бошқа тарихий обидаларнинг атрофи ҳам ободонлаштирилди.

Айтиш лозимки, айни вақтда Самарқанд шаҳри хиёбонлари билан ҳам ҳар қандай кишига завқ улаша олади. Барчага маълум, Регистон майдони ёнидан ўтувчи «Тошкент» кўчаси тарихий обидалар жойлашган ҳудуд бўлиб 20 йиллар олдин энг тирбанд кўча эди. Автомобиллар қатнови тарихий обидаларни сақлашда салбий таъсир кўрсатаётганди. Бу эса Самарқанд шаҳрига келиб кетувчи хорижлик ва маҳаллий зиёратчиларнинг ноқулайлик туғдирарди. Мустақиллик даврида «Тошкент» кўчаси ҳам бутанлай янги қиёфага кирди, кўчада автомобил қатнови тўхтатилди, ноўрин жойлашган бинолар кўчирилди, «Регистон» майдонига эса мос равишда энг чиройли хиёбонлардан бири – «Йўлбарслар хиёбони» бунёд этилди. Худди шу тарзда Руҳобод майдони атрофида ҳам шаҳардаги энг кўркам хиёбонлардан бири ташкил этилди.

Шаҳар ва туман марказларида энг катта қулайлик ҳам ноқулайлик ҳам кўчалар билан боғлиқ. Шу боисдан бу масалага эътибор ҳам кундан кунга ошиб бормоқда. Жумладан: Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчаси, Даҳбед кўчаси, «Панжикент» ва бошқа кўчалар  янгидан қурилибгина қолмасдан кўча атрофидаги бино иншоотлар ҳам замон талаблари асосида қайта бунёд этилди. Мустақилликнинг чорак асрлик шодиёнасини муносиб нишонлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда 25 тадан кўчани реконструкция қилиш ва ободонлаштириш кўзда тутилган.

Яна бир энг муҳим жиҳати, қурилиш ва янгиланишлар баробарида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришига эътибор ҳам давлатимизнинг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда. ¤тган давр мобайнида Самарқанд шаҳрида жойлашган истироҳат боғлари тубдан қайта таъмирланди ва ҳудуди ободонлаштирилди ҳамда энг замонавий атраккционлар билан жиҳозланди, биргина Самарканд шаҳри марказида 20 га яқин мусиқали, рангли фавворалар қурилди. Бундан ташқари, Пастдарғом, Пайариқ, Ургут, Иштихон, Каттакқўрғон, Тайлоқ туманлари марказларида жойлашган истироҳат боғлари қайта қурилиб аҳоли ихтиёрига берилди. Ҳар битта шаҳар ва туманда давлат бюджети томонидан маданият ва аҳоли дам олиш маркази бинолари реконструкция қилинди. Шунингдек, Ургут, Пайариқ, Пастдарғом, Самарқанд туманларида қурилган амфитеатр бинолари ҳам бугун аҳоли хизматида.

 Мустақиллик давридаги ўзгариш ва бунёдкорлик ҳақида сўз юритарканмиз, намунавий лойиҳадаги уйларга тўхталмасликнинг иложи йўқ, албатта. Сабаби ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, уларга имтиёзли кредит асосида намунали уйлар қуриб бериш келажак авлод учун энг катта имконият ва шароитлардан бири бўлди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларида уй-жойларни қуришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-1167–сонли қарори билан берилган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида фақатгина 2015 йилда 37 та массивларда 1235 та намунавий уй-жойлар ва 8 та инфратузилма объектлари қурилиши ишлари амалга оширилди. 2016 йилда эса 37 та массивда 1327 та намунавий уй-жойлар қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. 2009 йилдан буён вилоятимизда 6744 та намунавий уй-жой курилиб фойдаланишга топширилди.

Намунавий уй-жой олувчилар учун кенг кўламда имтиёзлар яратилди, яъни ҳар бир уй-жой олувчига энг кам иш ҳақининг 1000 баробари миқдорида имтиёзли кредит берилмоқда. Бу эса аҳолини, хусусан, ёш оилаларни уй-жой муаммосидан халос этди, дейишга асос бўлади.

Юқорида келтирилган мисоллар мустақиллик даврида амалга оширилган ишларнинг бир қисми, холос. Истиқлол берган неъматларни аслида адоғига етиб бўлмайди ва буни ўлчашнинг ўзи ҳам мантиққа зиддир. Бир нарса аниқки, агар истиқлолга эришмаганимизда бу ютуқларнинг мингдан бирига ҳам эриша олмасдик. Мустақиллик, энг улуғ, энг азиз байрамимиз эканининг сабаби шунда.